2024 йил 1 январь ҳолатига кўра, мамлакатимизда 766 та саноат зонаси ташкил этилди

 

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги: 2023 йилда саноат зоналарида жойлашган корхоналар томонидан 53,4 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 972 миллион долларлик экспорт амалга оширилди

2024 йилда саноат зоналарида 841 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган.

Cўнгги йилларда мамлакатимизда очиқ, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш, инвестициялар ва саноатни ривожлантириш, ташқи савдо алоқаларини кенгайтириш, маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун жозибадор ишбилармонлик муҳитини яратишга қаратилган қатор изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Мутахассислар таъкидлаганидек, амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлиги ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибаси, миллий иқтисодиёт имкониятлари ва мамлакат раҳбариятининг янгиланиш аҳоли турмуш даражасини яхшилаш борасидаги сиёсий иродаси билан уйғунлиги орқали таъминланмоқда.

Ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини жадал ривожлантириш, инвестицияларни жалб этишнинг илғор жаҳон тажрибасидан бири бу махсус иқтисодий ва саноат зоналарини ташкил этишдир.

2024 йил 1 январь ҳолатига кўра, мамлакатимизда 766 та саноат зонаси, жумладан, 24 та махсус иқтисодий зона, 532 та кичик саноат зонаси, 210 та ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ташкил этилди.

Мазкур объектларнинг бош режаларига мувофиқ инвестиция лойиҳалари учун умумий майдони 11 минг 952,1 гектар ер ажратилган. ИССВ мувофиқлаштирувида амалга оширилаётган ишлар туфайли бугунги кунда инвестиция лойиҳалари саноат зоналарининг 6382,3 гектар майдонида жойлашган. Аукцион орқали 4123,5 гектар ер майдони, жумладан, махсус иқтисодий зоналарда 3 минг 304,8 гектар, кичик саноат зоналарида 666 гектар, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарида 152,7 гектар ер майдонлари сотувга қўйилган. Биргина жорий йилнинг январь ойида 100 гектардан ортиқ ер аукционга қўйилди.

Саноат зоналарида амалга оширилаётган ишлар кўлами йилдан-йилга кенгаймоқда. 2024 йилда саноат зоналарида 841 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган. Бу 2023 йилдаги кўрсаткичдан (965 та лойиҳа) 124 тага кам бўлсада, бу ўзгариш янги ташкил этилган ишлаб чиқариш қувватларининг йириклашиши ва иш ўринлари сонининг анча кўпайиши билан боғлиқ. Масалан, саноат зоналарида 2023 йилда амалга оширилган лойиҳаларнинг умумий қиймати 9,7 триллион сўмни ташкил этган бўлса, 2024 йилда ушбу мақсадлар учун 13,3 триллион сўм жалб этилади. Иш ўринлари бўйича ҳам вазият худди шундай – 2023 йилда – 20,7 минг, жорий йилда эса 27,7 минг иш ўринлари яратиш режалаштирилган.

Жорий йилнинг биринчи кунларидан бошлаб саноат зоналарида қизғин иш бошлаб юборилди. Совуқ кунларда кузатилаётган секинлашишга қарамай, 2024 йил январь ойида умумий қиймати 56,6 миллиард сўмлик 14 та лойиҳа фойдаланишга топширилиб, 300 та янги иш ўрни яратилди. Шундан кичик саноат зоналарида 54,1 миллиард сўмлик 12 та, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарида эса 2,5 миллиард сўмлик 2 та лойиҳа ишга туширилди. 

Энг муҳими – бу натижалар, албатта. Саноат зоналарида ишга туширилган лойиҳалар ҳисобига яқин аҳоли пунктлари аҳолисини иш билан таъминлаш билан бир қаторда ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмида ўсиш қайд этилмоқда. 2023 йилда саноат зоналарида жойлашган корхоналар томонидан 53,4 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 972 миллион долларлик экспорт амалга оширилди. Биргина жорий йилнинг январь ойида 4,4 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, шундан 61,3 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

 

Ўзбекистон саноат зоналарини қатъият билан изчил ривожлантирмоқда. Мазкур тренд сақланишига ва бу иш натижалари кутилганидан ҳам ошиб, давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш бўйича стратегик мақсадларга эришишга муносиб ҳисса қўшишига шубҳа йўқ.

Вернуться назад

Комментарии

Оставить комментарий