Ўзбекистон-Болгария: анъанавий мулоқот ва стратегик қизиқишнинг янги ўсиш босқичида

 Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 9 -11 июнь кунлари Болгария Президенти Румен Радев расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади.

Ўзбекистон ва Болгария ўртасидаги муносабатлар чуқур тарихий илдизларга бориб тақалади. Олимларнинг таъкидлашича, туркий халқларга мансуб бўлган болгарларнинг қадимий аждодлари ва замонавий Ўзбекистон таркибига кирувчи ҳудудлар ўртасидаги алоқалар Буюк ипак йўли давридан бошланган. Миграция, савдо ва маданий ришталар билан уйғун бундай яқин боғлиқлик ўзаро манфаатдорлик ва ҳурмат асосига айланди.

Икки давлат ўртасидаги замонавий дипломатик муносабатлар 1992 йил 25 сентябрда ўрнатилди. Ўшандан бери расмий Тошкент ва София ўртасида сиёсий мулоқот изчил ривожланиб бормоқда. Хусусан, сўнгги йилларда бу фаоллик янги динамика касб этиб, икки томонлама муносабатларга сифат жиҳатдан ўзгача тус берди.

Ўзбекистон ва Болгария ўртасидаги сиёсий ҳамкорлик конструктив шериклик ҳамда ўзаро ёрдам руҳига асосланади. Сўнгги йилларда олий ва юқори даражадаги икки томонлама алоқалар фаоллашди. Бу Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи давлатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган умумий йўналишининг кўзгусига айланди. Болгария ЕИга аъзо давлат сифатида расмий Тошкент томонидан Болқон ва Марказий Европа минтақасидаги устувор ҳамкорлари қаторида эътироф этилади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 20 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасида Болгария Президенти Румен Радев билан ўтказган учрашуви икки томонлама мулоқотни ривожлантириш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шу жумладан, жорий ташрифга замин яратишга икки томоннинг интилишларини тасдиқлади.

Болгария БМТ ва ЕХҲТ доирасида Ўзбекистоннинг Марказий Осиёни барқарор ривожлантириш ва минтақавий хавфсизликни таъминлашга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Шунингдек, Болгария томони “Янги Ўзбекистон– 2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларни, жумладан, фуқаролик жамияти институтларини мустаҳкамлаш ва оммавий ахборот воситалари соҳасини ривожлантиришни юқори баҳолайди.

Парламентлараро алоқалар ҳам изчил ривожланмоқда. Болгария парламентида “Болгария – Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи фаолият кўрсатаяпти. Олий Мажлис палаталарининг қўшма қарори билан Болгария Халқ мажлиси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ ташкил этилган.

Ушбу ҳамкорлик доирасида ўзаро ташрифлар алмашинуви амалга оширилмоқда, уларнинг динамикаси сўнгги йилларда янада фаоллашди. 2018 йил июль ойида Болгария Халқ мажлисидаги “Болгария-Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи раиси Адлен Шевкед бошчилигидаги делегация ташриф билан Ўзбекистонда бўлди.

2018 йилнинг ноябрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон – Болгария парламентлараро гуруҳи делегацияси Болгарияга ташриф буюриб, у ерда Халқ мажлиси раҳбарияти, Ташқи ишлар, Иқтисодиёт ва туризм вазирликлари вакиллари, Пловдив ва Каржали шаҳарлари мэрлари билан учрашувлар ўтказди.

2021 йил декабрь ойида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева София шаҳрида бўлиб ўтган “Демографик ўзгаришлар шароитида жамиятни ривожлантириш йўллари” мавзусидаги юқори даражадаги вазирлар конференциясида иштирок этди ва видеомурожаат йўлади.

Икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари мунтазам алоқаларни давом эттирмоқда. Жумладан, ТИВлараро маслаҳатлашувлар давомида улар нафақат икки томонлама муаммоларни, балки долзарб халқаро кун тартибини, жумладан, иқлим, рақамли трансформация, дезинформацияга қарши курашиш ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ масалаларни ҳам муҳокама қилмоқда.

2023 йил 23 октябрь куни Люксембургда бўлиб ўтган “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” вазирларининг 19-учрашуви доирасида Ўзбекистон ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов Болгария Бош вазирининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Мария Габриэль билан учрашди.

Ўзбекистон ва Болгария ўртасидаги иқтисодий кооперация ҳозирча икки давлат салоҳиятига тўлиқ мос келадиган даражада эмас. Шу билан бирга, фармацевтика ва биомедицина, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, қайта тикланадиган энергия манбалари (шу жумладан қуёш ва водород технологиялари), тўқимачилик ва кимё саноати каби соҳаларда ҳамкорликни фаоллаштириш учун барча шарт-шароитлар мавжуд.

Томонлар 2019 йил сентябрь ойида София шаҳрида 5-мажлиси бўлиб ўтган Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Болгария Ҳукуматлараро комиссияси фаолиятини фаоллаштириш ниятида.

Икки мамлакатнинг инвестициявий салоҳияти шериклик нуқтаи назаридан тобора жозибадор бўлиб бормоқда. Бунга Ўзбекистон иқтисодиётини либераллаштириш, эркин иқтисодий зоналарни ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнесни фаол қўллаб-қувватлаш сабаб бўлаяпти.

 Бугунги кунда Ўзбекистонда Болгария инвесторлари иштирокидаги 30 та корхона ташкил этилган. Уларнинг 19 таси 100 фоиз болгар капитали асосида фаолият юритади. Мазкур корхоналар нефтни қайта ишлаш, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат саноати, савдо операциялари ва хизматлари каби асосий йўналишларда ташкил этилган.

Ҳар икки давлат транспорт-логистика соҳасидаги алоқаларни, айниқса, Ўзбекистонни Қора денгиз портлари билан Кавказ орқали боғлайдиган Транскаспий халқаро транспорт йўналиши контекстида ривожлантиришдан манфаатдор. Ривожланган инфратузилма ва логистика марказларига эга Болгария Марказий Осиё ҳамда ЕИ ўртасида транзит йўлаги ролини ўйнашга қодир.

Ўзбекистон-Болгария ҳамкорлиги гуманитар ва таълим соҳаларида  ҳам фаол ривож топаяпти.

Хусусан “Ўзбекистон – Болгария” дўстлик жамияти ва Болгария маданият маркази маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшяпти.

Бухоро ва Варна, Самарқанд ва Пловдив шаҳарлари ўртасидаги  яқин дўстлик алоқалари маданий ҳамжиҳатлик ва ишонч тимсолига айланган. Улар делегациялар алмашинуви, маданий лойиҳалар ва қўшма ташаббуслар орқали Ўзбекистон ва Болгария халқлари ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшяпти.

Сўнгги йилларда Тошкент ва Самарқандда болгар фильмлари намойиши, рассомлар кўргазмалари ташкил этилди. Элчихоналар ва диаспора ташкилотлари тил ўрганиш курсларини ташкил этиш, мусиқий кечалар ва халқларимиз маданий меросига бағишланган давра суҳбатларини ўтказиш орқали икки давлат маданиятини  кенг тарғиб қилаётир.

Таълим соҳасида Тошкент кимё-технология институти ва София кимё-технология университети, Тошкент давлат юридик институти ва София университети, Самарқанд давлат тиббиёт институти ва София тиббиёт университети ўртасида ҳамкорлик шартномалари имзоланган. Шунингдек, Наманган давлат университети ва Варна техника университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Болгария Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Дипломатик институт ўртасида ҳамкорлик меморандумлари тузилди. Бу ўзаро ҳамкорлик гуманитар алоқаларни чуқурлаштириш, кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш ва икки давлат ёшлари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Болгария “Эразмус+” дастурларида иштирок этади. Ушбу дастурлар доирасида ўзбекистонлик талабалар Болгария университетларида, шунингдек, Болгария Фанлар академиясида малака ошириш ва амалиёт ўташи йўлга қўйилган.

Икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлигини туризм соҳасида ҳам кўриш мумкин. Ҳар икки давлат бой тарихий-маданий меросга, бетакрор меъморий ёдгорликларга ва ранг-баранг табиий ландшафтга эга бўлиб, бу ўзаро сайёҳлик алмашинувини ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратади.

Мазкур омиллар Ўзбекистон ва Болгария ўзаро ишонч ҳамда бир-бирининг манфаатларини ҳурмат қилишга асосланган икки томонлама ҳамкорлик салоҳиятини тўлиқ очиб бериш ва рўёбга чиқариш ниятида экани тасдиқлайди.

Шу нуқтаи назардан, Болгария Президенти Румен Радевнинг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи, шунингдек, IV Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиши ўзаро манфаатли шерикликни янада ривожлантиришга кучли суръат бағишлаш баробарида, барча соҳаларда икки  томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга замин яратади.

 

 

 

“Дунё” АА

Вернуться назад

Комментарии

Оставить комментарий